ИИВ академияси ишчи гуруҳи томонидан Чирчиқ шаҳридаги маҳаллаларда ўрганишлар олиб борилмоқда.
Маълумки, Президентимизнинг жорий йил 5 январдаги қарори билан маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш борасида тизимли ишлар бошлаб юборилган эди.
Шу асосда таълим муассасасига уч йилдан буён “қизил” тоифада қолаётган “Бирлик”, “Нур”, “Мирзо Ғолиб” ва “Ёшлик” маҳаллалари бириктирилди. Тажрибали профессор-ўқитувчилар томонидан ҳудудларнинг криминоген вазиятига салбий таъсир кўрсатаётган омиллар ўрганилиб, тегишли вазифалар белгилаб олинмоқда.
Бинобарин, ўтган вақт мобайнида биринчи чорак учун мўлжалланган барча “йўл харита”лар таҳлил қилиниб, 40 га яқин таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Илмий-амалий ёндашувлар асосида 6 та “жиноят ўчоғи” аниқланиб, уларнинг ҳар бири бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. Жамоат жойлари, гавжум кўчалар, шу билан бирга қаровсиз ва овлоқ ҳудудларга 80 та ташвиш тугмаси, 20 га яқин камера ўрнатилиб, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш чоралари кўрилди.
Бундан ташқари, “маҳалла еттилиги” ходимлари билан биргаликда оилалардаги муҳитни соғломлаштириш, ижтимоий профилактика объектлари билан манзилли ишлаш мақсадида 60 дан ортиқ хонадон манзилли ўрганилиб, 50 нафарга яқин ижтимоий профилактика объектлари аниқланди ҳамда масъулларга бириктирилди.
Чирчиқ шаҳридаги Нуронийлар масканида низоли хонадонлар вакиллари билан профилактик учрашув ўтказилиб, 5 та оила яраштирилди. Маҳаллаларда 6 маротаба сайёр қабуллар ташкил қилиниб, аҳолининг мурожаатлари тегишли ташкилотларга йўналтирилди. Фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жиноят содир этиши ёки ундан жабрланишининг олдини олиш мақсадида 11 маротаба тарғибот тадбири ўтказилди.
Ҳозирда маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш, аҳолининг осойишта ҳаётини таъминлаш, криминоген омилларни батараф этишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
ИИВ академияси Ахборот хизмати