Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

ХИТОЙ ХАЛҚ РЕСПУБЛИКАСИ ДЕЛЕГАЦИЯСИ БИЛАН УЧРАШУВ

23 Май 2023, 09:05

908

ИИВ Академиясида Хитой Халқ Республикаси Тижорат вазирлиги вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Юқори даражада ўтган мулоқотда таълим муассасасида барпо этилаётган “Инновацион таълим фонди” лойиҳасининг техник-иқтисодий параметрлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистоннинг етакчи иқтисодий ҳамкорларидан бири бўлган Хитой улкан салоҳиятга эга давлат ҳисобланади. Статистик маълумотларга кўра, мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми бугунги кунда 9 миллиард долларга етган. Муҳими, икки томонлама муносабатлар ўзаро ишонч ва манфаатларни тенг ҳисобга олиш қадриятлари асосида жадал ривожланиб бормоқда.

Академия раҳбари Хитой Халқ Республикаси Тижорат вазирлиги Халқаро иқтисодий ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи ўринбосари жаноб Зенг Ҳуа Ченгни қутлар экан, манфаатли лойиҳани амалга оширишга қизиқиш юқори эканлигини мамнуният билан қайд этди.

– Ўзбекистон ва Хитой муносабатларида мустаҳкам ишонч ва самимий дўстлик руҳи устуворлик касб этади. Икки мамлакат ҳам стратегик шерикликни юксак даражада қадрлаган ҳолда барча соҳаларда самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Айниқса глобал хавфсизликка эришиш, барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик хавф-хатарларга қарши биргаликда курашиш, бу борада мавжуд муаммоларни ҳамжиҳатликда ҳал этишда томонлар муштарак мақсадларни кўзлайди, – деди Академия бошлиғи Рустам Хатамов.

Ўз навбатида жаноб Зенг Ҳуа Ченг самимий ва дўстона руҳдаги учрашув учун миннатдорлик билдирди. Унинг қайд этишича, ўтган давр мобайнида “Инновацион таълим фонди” қурилишини жадаллаштириш борасида қизғин иш олиб борилди. Ҳукуматлараро келишувлар асосида лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, тегишли тартибда экспертизадан ўтказилди. 2022 йилнинг декабрида Хитой Халқ Республикаси Тижорат вазирлиги ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ўртасида икки томонлама битим имзоланди. Ҳозирда иншоот барпо этиладиган ер майдони, лойиҳа-смета ҳужжатлари ва бошқа техник топшириқлар бўйича якуний тўхтамга келинган. Хитой томони лойиҳани белгиланган муддатда ва юқори сифатда қуриб беришдан манфаатдор.

Мулоқот давомида Хитой Халқ Республикасининг грант маблағлари ҳисобидан барпо этилаётган мазкур лойиҳанинг аҳамияти, техник-иқтисодий жиҳатлари хусусида фикр алмашилди. Томонлар Марказий Осиёда муқобили бўлмаган “Инновацион таълим фонди” замонавий имкониятлари ҳамда истиқболдаги улкан лойиҳаларга йўл очиши билан муҳимлигини эътироф этишди.

Шу куни делегация аъзолари Академия таълим жараёни билан ҳам танишдилар. Кадрлар тайёрлашнинг илғор ёндашувлари, тингловчи ва курсантлар учун яратилган шарт-шароитлар, “Smart-Akademiya” платформаси доирасида амалга оширилаётган ишлар, айниқса рақамли таълимни ривожлантиришга қаратилган истиқболли лойиҳалар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

 

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech