Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

XI ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ БЎЛИБ ЎТМОҚДА

12 Сентябрь 2022, 07:09

962

Бугун, 12 сентябрь куни Бангладеш пойтахти Дакка шаҳрида Халқаро полиция академиялари ассоциацияси (INTERPA)нинг XI конференцияси ўз ишини бошлади.

“Полиция фаолиятини рақамлаштириш” мавзусида ташкил этилган навбатдаги халқаро анжуманда ташкилотга аъзо таълим муассасалари делегациялари, қатор халқаро ташкилотлардан экспертлар, ахборот технологиялари бўйича мутахассислар қатнашмоқда.

Анжуманнинг биринчи куни ташкилотнинг ялпи мажлиси билан бошланди. Унда INTERPA президенти Йилмаз Чолак, Бангладеш полиция коллежи ректори Хандкер Ғулом Фарук, мамлакат Ички ишлар вазири Асадуззамон Хон ва бошқалар сўзга чиқиб, глобал ўзгаришлар жараёнида кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари юқори ишонч ва ҳамдўстлик руҳида изчил ривожланиб бораётганини эътироф этишди.

Қайд этилганидек, ҳозирги мураккаб шароитда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар, хусусан, замонавий таҳдид ва хавф-хатарларни самарали ҳамкорликсиз ҳал этиб бўлмайди. Ташкилот доирасида тажриба алмашинувини кенгайтириш барқарор тинчлик ва тараққиёт йўлида бирлашишга хизмат қилади.

Куннинг иккинчи ярмида конференция аъзолари икки шўъбага бўлинган ҳолда муҳокамаларни давом эттиришди. Кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан Бангладеш, Италия, Судан, Вьетнам, Туркия мамлакатлари вакилларининг маърузалари тингланди.

Шу ўринда ташкилот ҳақида: Халқаро полиция академиялари ассоциацияси (INTERPA)га 2011 йил 2 июлда Туркиянинг Истанбул шаҳрида асос солинган. Ўша йили ташкилот аъзолигига 22 давлатдан жами 24 та турдош олий таълим муассасаcи қабул қилинган. Бугунга келиб ташкилот аъзолари сони 59 мамлакатдан 76 та ўқув муассасасини ташкил этади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун етук малакали кадрлар тайёрлашда замонавий ёндашувларни татбиқ этиш, таълим, илм-фан ва илмий-тадқиқот йўналишида ўзаро тажриба алмашинувини мувофиқлаштириш халқаро ташкилотнинг асосий вазифаси саналади.

Эслатиб ўтамиз, 14 сентябрга қадар бўлиб ўтадиган XI халқаро анжуманда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси бошлиғи Рустам Хатамов бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этмоқда.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

 

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech