Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи Рустам Хатамов Чилонзор туманидаги маҳаллаларнинг криминоген вазиятини ўрганди.
Манзилли ўрганишлар давомида “пойтахт намунаси” асосида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантиришга қаратилган устувор вазифалар ижроси, шунингдек “Хавфсиз ва соғлом юрт” комплекс тезкор-профилактик тадбирлар ойлиги доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишилди.
Академия бошлиғи дастлаб “Ботирма” маҳалласида бўлди. Ҳудудга бириктирилган масъуллар, “маҳалла еттилиги” тизими вакиллари ва фаоллар билан мулоқот чоғида аҳоли билан манзилли ишлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчилик омилларини бартараф этиш ҳамда бошқа йўналишларда эришилаётган натижалар таҳлил қилинди.
Таъкидланганидек, аҳоли гавжум жойлар, чекка ва овлоқ ҳудудлар, хонадонлар атрофига қўшимча куч-воситаларнинг йўналтирилгани, фуқароларни қийнаётган масалаларга манзилли ёндашилаётгани, ижтимоий профилактика объектлари билан олиб борилаётган профилактик тадбирлар маҳалланинг криминоген вазиятига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Академия бошлиғи ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб янги тажрибаларни жорий қилиш, оилалардаги маиший низоларни ўз вақтида бартараф этиш, мурожаатларни кунлик таҳлил қилиб бориш, аҳоли ўртасида профилактик ишларни жадаллаштириш зарурлигини айтиб ўтди.
Шу куннинг ўзида “Меҳржон” маҳалласида йўлга қўйилган тизим ҳам ўрганилди. Масъуллар томонидан “пойтахт тажрибаси”ни кенг жорий қилиш мақсадида “маҳалла еттилиги” ва бошқа мутасадди идора ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган чора-тадбирлар аниқ статистик рақамлар мисолида тақдимот қилинди.
Мулоқот чоғида криминоген вазиятни доимий таҳлил қилиб бориш, муаммоларни эрта аниқлаш ва ҳал этишнинг самарали механизмларини йўлга қўйиш, ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, маҳаллаларда хавфсизлик чораларини кучайтириш, камера ва бошқа техник қурилмалар қамровини кенгайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати