ИИВ академияси профессор-ўқитувчилари томонидан Зангиота тумани маҳаллаларида манзилли ўрганишлар олиб борилиб, криминоген вазиятни барқарорлаштириш чоралари кўрилмоқда.
Ўрганишлар давомида ҳудудларда қайд этилган жиноятлар, аҳоли муаммолари, “102” тизими орқали келиб тушаётган мурожаатлар таҳлил қилиниб, криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омиллар бартараф этилмоқда.
Шу кунгача манзилли “йўл харита”ларда белгиланган чора-тадбирлар доирасида маҳаллаларга 47 та “PTZ”, 937 та “Face ID”, 154 та транспорт воситалари рақамини аниқловчи камера ҳамда 263 та “SOS”ташвиш тугмаси ўрнатилди. Техник қўриқловга олиш ишлари жадаллаштирилиб, “жиноят ўчоқ”ларига қўшимча куч-воситалар йўналтирилди.
“Хонадонбай” тизимда ижтимоий профилактика чора-тадбирлари ўтказилиши лозим бўлган 4799 нафар, алоҳида тоифадаги 15 нафар шахс аниқланиб, “маҳалла еттилиги”га бириктирилди. Ҳамкор ташкилотлар билан ўтказилган меҳнат ярмаркалари натижасида ижтимоий профилактика объектларидан 70 нафари ишга жойлаштирилиб, яна 42 нафари касбга йўналтирилди.
– Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантиришда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, криминоген вазиятдан хабардорлигини ошириш, ижтимоий-маиший муаммоларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди академия ишчи гуруҳ вакили, подполковник Миёнфаррух Саидов.
Ана шу мақсадда жойларда 136 маротаба профилактик, 155 маротаба тарғибот тадбирлари ўтказилиб, 150 мингдан зиёд кўргазмали
материаллар тарқатилди. Фуқароларнинг уяли алоқа воситаларига 2 босқичли ҳимоя тизимлари, “APK Qo‘riqchi” ва бошқа хавфсиз иловалар ўрнатилиб, кибермаконда содир этилаётган жиноятлар бўйича тушунтиришлар олиб борилмоқда.
Маҳаллаларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш орқали осойишта муҳитни қарор топтириш, профилактик чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга қаратилган ишлар давом эттирилмоқда.
ИИВ академияси Ахборот хизмати