ИИВ академиясига Туркия Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Гиёҳвандлик воситаларига қарши курашиш бошқармаси мудири Осман Гирай бошчилигидаги мутахассислар келди.
Қардош мамлакат вакиллари дастлаб Ахборот-ресурс маркази, магистратура, Таълим сифатини мониторинг ва назорат қилиш маркази, спорт мажмуаси ҳамда Маънавият ва маърифат маркази фаолияти билан танишишди. Ички ишлар органлари учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида таълим жараёнларига жорий қилинган инновацион ёндашувларни кўздан кечирдилар.
Халқаро анжуманлар хонасида меҳмонлар иштирокида учрашув ўтказилиб, ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари юзасидан фикр алмашилди. Томонлар Ўзбекистон ва Туркия ички ишлар вазирликлари ўртасида идоравий ҳамкорликнинг изчил ривожланиб бораётгани трансмиллий жиноятларга қарши курашиш, кадрлар салоҳиятини ошириш, илғор тажрибаларни алмашишга хизмат қилаётганини эътироф этди.
Туркиялик мутахассислар билан ҳамкорликда ўтказилаётган галдаги машғулотлар манфаатли ҳамкорликнинг амалий ифодаси сифатида таълим самарадорлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Мулоқот чоғида ҳамкорлик алоқаларини чуқурлаштириш, таълим дастурларини кенгайтириш, замонавий бошқарув, жамоат хавфсизлиги, кибержиноятларга қарши курашиш, ички ишлар органлари фаолиятини рақамлаштириш ва бошқа йўналишларда ўзаро тажриба алмашиш, профессор-ўқитувчилар ва таълим олувчилар учун малака ошириш курсларини ташкил этишга келишиб олинди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ташриф доирасида гиёҳвандлик восилатиларига қарши курашишнинг долзарб йўналишлари ва замонавий тенденцияларига бағишланган ўқув машғулотлари ҳам ўтказилмоқда. Тўрт кун давом этадиган машғулотларга ихтисослик кафедралари профессор-ўқитувчилари ва курсантлар жалб қилинган.
ИИВ академияси Ахборот хизмати