Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Халқаро форум: ўзбекистонлик ёшлар энг илғор бўлишди

15 Апрель 2024, 09:04

773

Жорий йилнинг 10–12 апрель кунлари Барнаул юридик институтида халқаро ёшлар форуми бўлиб ўтди.

Анжуманда Россия Федерацияси, Беларусь, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон Республикалари Ички ишлар вазирликлари тасарруфидаги олий таълим муассасаларидан курсант ҳамда талаба ёшлар, олимлар, тадқиқотчи ва мутахассислар иштирок этди.

Форум доирасида долзарб мавзуларга бағишланган анжуман, мунозара ва давра суҳбатлари, викторина ва танловлар ўтказилди. МДҲ давлатлари ёшлари ҳуқуқни қўллаш амалиёти истиқболлари, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан ўзаро фикр алмашиш, илғор таклиф ва ташаббуслар, инновацион тажрибалар билан ўртоқлашиш имконига эга бўлишди.

Айтиш жоизки, халқаро форумда Ички ишлар вазирлиги академияси курсантлари ҳам фаол қатнашдилар. Билимли ва зукко ёшларимизнинг чиқишлари хорижлик мутахассислар томонидан юқори баҳоланди.

Жумладан, иқтидорли курсантларимиз Анвар Ҳасановнинг “Криптоактивлар соҳасидаги жиноятлар бўйича Ўзбекистон Республикасида ҳуқуқни қўллаш амалиёти”, Самира Сираеванинг “Ахборот-коммуникацион технологиялардан фойдаланган ҳолда содир этилган жиноятларни тергов қилишнинг ўзига хос хусусиятлари”, Муҳаммадризо Нумановнинг “Судланганларни ахлоқан тузатиш: долзарб муаммолар”, Жавлонбек Тоҳиржоновнинг “Суд экспертизаларини ўтказишда шахснинг геном маълумотларидан фойдаланиш амалиёти” мавзуидаги маърузалари турли даражадаги дипломларга сазовор бўлди.

Форум доирасида “Жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш” мавзусида халқаро танлов ўтказилиб, унда ёшлар хорижий тилда тайёрлаган мультимедиали тақдимотлари билан қатнашдилар. Якунда курсантимиз Анвар Ҳасанов “Жамоат тартибини сақлаш бўйича хорижий тажрибаси” номинациясида биринчи, Жавлонбек Тоҳиржонов эса “Тадқиқотнинг амалий натижаси учун” номинациясида учинчи даражали дипломлар билан тақдирланди.

Шунингдек халқаро анжуман ёшлари учун эсселар танлови уюштирилди. Курсантларимиз қизиқарли руҳда ўтган танловнинг “Ноқонуний миграцияга қарши курашиш”, “Одам савдосининг олдини олиш”, “Миграция сиёсати муаммолари” номинацияларида иккинчи ҳамда учинчи даражали дипломларга сазовор бўлишди.

Бундан ташқари, академиямизнинг “Ёш юристлар” жамоаси “Тергов-тезкор гуруҳи ҳодиса жойида!” викторинасида фахрли биринчи, “Тактик ҳаракат” викторинасида эса учинчи ўринни қўлга киритиб, умумий натижаларга кўра якунда “Халқаро ҳамкорлик учун” кубоги билан тақдирландилар.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech