Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Одамийликдан сабоқ берган адиб

29 Декабрь 2025, 06:12

45

ИИВ академиясида Ўзбекистон халқ ёзувчиси, атоқли абид Тоҳир Малик хотирасига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Абиднинг издошлари, мухлислари, китобсевар ёшлар иштирок этган тадбирда Тоҳир Малик асарларида маънавий-ахлоқий тарбия масалалари ҳақида сўз борди.

Кечада сўз олганлар адибнинг ҳаёт ва ижод йўли, умри давомида ёзиб қолдирган китоблари, ёш авлод камолоти йўлида қилган хайрли ишларини эътироф этишди. Унинг асарлари ўз давридаёқ катта шуҳрат қозонгани ва ҳақли равишда миллий адабиётимиз хазинасидан жой олгани айтиб ўтилди.

– Устозимиз наинки забардаст ёзувчи, балки улкан илму урфон соҳиби эди. Бу жиҳатлар унинг асарларида ҳам уфуриб туради. Шу боис, Тоҳир Малик китобларини ҳозир ҳам кекса-ю ёш севиб мутолаа қилади. Ҳеч бир оила йўқки, унинг қисса ёки романлари кириб бормаган бўлса, – дейди Ўзбек тили ва хорижий тиллар кафедраси бошлиғи Анвар Курганов.   

Тадбирда адиб асарларининг бугунги давр учун аҳамияти, ёш авлодни баркамол шахс этиб тарбиялашдаги ўрни, уларда илгари сурилган ғоялар хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ички ишлар органлари тизимида китобхонликни янада оммалаштириш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, курсантларни илму маърифатли, ватарпарвар, мард ва фидойи этиб камол топтиришда адибиёт энг таъсирчан восита эканлиги таъкидланди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech