23-24 июнь кунлари Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида йирик халқаро форум бўлиб ўтди.
Тадбирда ҳукумат аъзолари, қатор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, халқаро ташкилотлар ва хорижий олий таълим муассасалари раҳбарлари, шу жумладан, мамлакатимиздан ИИВ академияси ҳамда Жамоат хавфсизлиги университети вакиллари иштирок этди.
Глобал хавф-хатарлар шароитида минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятига замонавий ёндашувларни кенг жорий қилиш, бошқарув кадрларини тайёрлашда янги форматларни қўллаш форумдан кўзланган асосий мақсад бўлди.
Форум очилишида Қозоғистон Республикаси Бош вазири Олжас Бектенов сўз олиб, дунё геосиёсий трансформациялар даврига қадам қўйган бугунги таҳликали шароитда хавфсизлик ва барқарорлик масалалари тобора долзарб хусусият касб этаётганини таъкидлаб, халқаро форумнинг аҳамиятига тўхталди.
Ички ишлар органлари фаолиятини бошқаришнинг замонавий моделларини яратиш мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири эканлигини қайд этиб, Қозоғистон Республикаси ИИВ Бошқарув академияси ташкил этилганлиги билан йиғилганларни қутлади.
Тадбирда, шунингдек, Беларусь, Саудия Арабистони, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистоннинг турдош олий таълим муассасалари раҳбарлари, халқаро ва маҳаллий мутахассислар сўзга чиқди. Форум ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб олиш, минтақавий ва глобал даражадаги муаммоларнинг самарали ечимларини ишлаб чиқишда ўзига хос мулоқот майдони бўлгани қайд этилди.
ИИВ академияси раҳбари Рустам Хатамов сўз олар экан, минтақамизда ҳукм сураётган яхши қўшничилик ва ҳамжиҳатлик муҳити барча давлатлар, шу жумладан, Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатларига сифат жиҳатдан янги мазмун бағишлаганини алоҳида эътироф этди. Икки томонлама алоқалар кўплаб соҳалар қаторида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳам изчил ривожланиб бораётгани таълимдаги илғор жиҳатларни оммалаштиришга хизмат қилаётганини айтиб ўтди.
“Академиямизда ички ишлар органлари учун раҳбар кадрлар тайёрлашга ихтисослашган магистратура фаолият юритмоқда. Таълим жараёнига татбиқ қилинган илғор механизмлар замонавий талабларга мос янги авлод раҳбар кадрларини тайёрлаш имконини бермоқда. Бу борада самарали тажриба алмашинувини йўлга қўйиш ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлайди”, – деди у.
Форум давомида муҳим келишувларга эришилди. Хусусан, ИИВ академияси, Қозоғистон Республикаси ИИВ Бошқарув академияси ҳамда Оқтўба юридик институти ўртасида икки томонлама ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Шунингдек, меҳмонлар Бошқарув академияси фаолияти ҳамда Остона шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан танишиб, Қозоғистон Республикаси полицияси куни муносабати билан ўтказилган маданий тадбирда қатнашдилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати