Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида жойлашган Ўқув-дала марказида курсантлар учун психологик тренинглар ўтказилди. “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида ташкил қилинган машғулотлар ёшларнинг касбий фазилатларини юксалтиришга йўналтирилди.
ИИВ Академиясининг Психологик таъминлаш маркази ходимлари томонидан ички ишлар органи ходимлари фаолиятида психологик билимларнинг ўрни, руҳий барқарорликка эришиш йўллари, турли ностандарт вазиятларда ўзини бошқариш омиллари хусусида атрофлича тушунчалар берилди.
Шунингдек турли мавзуларда психологик тренинглар ўтказилиб, курсант ўғил-қизларнинг руҳий тайёргарлиги, ўқув ва хизмат машаққатларига чидамлилиги, касбий фазилатларини қай даражада намоён эта олиши, психоэмоционал вазиятларга бардошлилиги таҳлил қилинди. Марказ мутахассислари ёшлар билан мулоқот қилиб, ватанпарварлик, касб садоқат, фидойилик, мақсадга интилувчанлик сингари туйғуларни янада мустаҳкамлашга қаратилган тавсиялар бердилар.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати