Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги маҳаллаларда истиқомат қилаётган болалар ва бир гуруҳ ёшлар Ички ишлар вазирлиги академияси меҳмони бўлишди.
Тадбир ёш авлод вакилларининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ички ишлар органларига бўлган қизиқишини ошириш, уларни ватанпарварлик руҳида камол топтириш мақсадида уюштирилди.
Ўқув даргоҳига саёҳат “Ҳаёт академияси” фильми намойиши билан бошланди. Картина бош қаҳрамони Эркиннинг ёшлик сўқмоқларида турли йўлларга дуч келиб, қатъий ирода ва матонат билан келажак орзулари сари интилиши, юрт тинчлиги ва осойишталиги учун хизмат қилаётган жасур ички ишлар органи ходими бўлиб етишиши ўсмир-ёшларда катта таассурот қолдирди.
Шу куни меҳмонлар таълим муассасасида яратилган замонавий шароитларга гувоҳ бўлишди. Академия бошлиғи ўринбосари, подполковник Бобур Дадажонов билан бўлиб ўтган учрашувда ўзларини қизиқтирган саволларга жаовоб олишди.
Тадбир якунида ёш авлод вакилларига турли китоблар ва эсдалик совғалари туҳфа қилинди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати