Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетида сузиш бўйича турдош олий таълим муассасалари ўртасида мусобақа ўтказилди.
Давлат хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиялари, Жамоат хавфсизлиги университети, Божхона, Қуруқликдаги қўшинлар, Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтлари ҳамда мезбон жамоа вакиллари иштирок этган мусобақада ИИВ академияси курсантлари энг юқори натижаларни қайд этишди.
Жумладан, 100 метр масофага эркин усулда сузиш бўйича яккалик баҳсларида Ўлмасбек Бахтиёров 59 сония билан ғолибликни қўлга киритган бўлса, 4х50 метрлик жамоавий эстафетада курсантларимизга тенг келадиган рақиб топилмади. Ҳар иккала йўналишда Давлат хавфсизлик хизмати академияси ҳамда Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети курсантлари маррага бирин-кетин етиб келиб, иккинчи ва учинчи ўринларни қўлга киритишди.
Мусобақа якунига кўра ғолиб ва совриндорлар медаль, диплом ҳамда кубок билан тақдирланди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати