Ички ишлар вазирлиги академиясида фаолиятнинг бир йиллик сарҳисобига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишни таълим муассасаси бошлиғи, полковник Рустам Хатамов олиб борди.
Йиғилиш аввалида давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган Ички ишлар вазирлиги ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилиши ҳамда “Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган вазифалар ижроси юзасидан ахборот берилди.
Қайд этилганидек, ўтган давр мобайнида ички ишлар органлари учун кадрлар тайёрлаш жараёни тубдан такомиллаштирилди. Ўқув даргоҳида жаҳон стандартларига тўла жавоб берадиган икки босқичли олий таълим тизими йўлга қўйилиб, ўқитишнинг мутлақо янги механизмлари жорий қилинди. Хусусан, назарияни амалиёт билан узвий боғлаш, курсантларнинг касбий ва жанговар-жисмоний кўникмаларини босқичма-босқич шакллантириб бориш, таълим жараёнига хориж тажрибасининг илғор жиҳатларини самарали татбиқ этиш, илмий салоҳиятни юксалтириш, шунингдек республикамизнинг криминоген вазияти мураккаб ҳудудларида жиноятчиликни “илмий диагноз” асосида ўрганиш орқали ҳудудий ички ишлар органлари билан ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Академия бошлиғи долзарб вазифалар ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар, айниқса ижобий ўсиш суръатларини алоҳида эътироф этди. Таълим-тарбия, илмий-тадқиқот ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш борасида Академия шахсий таркиби олдида турган устувор вазифаларни белгилаб берди. Шундан сўнг мустақиллигимизнинг ўттиз бир йиллиги муносабати билан Президентимиз фармони ҳамда ички ишлар вазирининг буйруғи билан мукофотланган бир гуруҳ ходимларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
– Инсон шаъни, қадр-қиммати улуғланган жамиятда яшаяпмиз, – деди Тергов фаолияти кафедраси бошлиғи, “Шуҳрат” медали соҳиби Бахтиёржон Муродов. – Муҳтарам Президентимизнинг фармонлари билан юксак мукофотга сазовор бўлганим қалбимга чексиз фахр-ифтихор бағишлади. Ички ишлар органларидаги камтарона меҳнатларим эътирофини аҳил жамоамизга билдирилган улкан ишонч, деб биламан.
Академия бошлиғи соҳа ходимларининг ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш йўлидаги самарали меҳнатларини алоҳида эътироф этиб, мукофотларни ўз эгаларига тантанали равишда топширди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати