Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Ички ишлар вазирлиги академиясида байрам тадбири ташкил қилинди.
Таълим фидойилари, фахрий устозлар ва ходимлар иштирокида ўтган тадбирда академия бошлиғи Рустам Хатамов сўз олиб, умрини жамият равнақига бағишланган профессор-ўқитувчиларни байрам билан самимий муборакбод этди.
Тадбирда муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар самараси эътироф этилди. Ўқитувчи ва мураббийларнинг меҳнатини қадрлаш, жамиятдаги обрўйини юксалтириш, уларга ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатиш Янги Ўзбекистонда энг устувор йўналишга айлангани айтиб ўтилди.
– Ҳар бир касбнинг ўз ўрни бор, бироқ ўқитувчилик мамлакатнинг бугуни ва эртанги кунини белгилайдиган улуғ касб, – деди академия бошлиғи. – Сизларнинг фидокорона ва шарафли меҳнатингиз туфайли маърифатли авлод шаклланади, жамиятнинг маънавий салоҳияти юксалади. Президентимиз устозни эъзозлаш бир касб эгасини эмас, бутун бир миллат келажагини эъзозлашдир, дея бежиз айтмадилар.
Академия бошлиғи ўқув муассасаси фаолиятида рўй бераётган улкан ўзгаришларга ҳам тўхталди. Давлатимиз раҳбарининг қарори билан йўлга қўйилган янги тизим таълим жараёнларини ислоҳ қилиш орқали ички ишлар органлари фаолиятини тубдан такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.
Ҳозирги ислоҳотлар даврида профессор-ўқитувчилар юксак педагогик маҳоратга эга бўлиши, амалиётга кириб келаётган янгиликлар, айниқса сунъий интеллект ва рақамли технологиялар бўйича замонавий билимлардан хабардор бўлиши, энг муҳими, таълим жараёнини инновatsiон ёндашувлар асосида олиб бориши зарурлиги қайд этилди.
Тадбирда илмий-педагогик фаолиятида юқори натижаларга эришаётган бир гуруҳ профессор-ўқитувчиларга идоравий кўкрак нишонлари, педагогик тоифалар, фахрий ёрлиқ ва пул мукофотлари тантанали равишда топширилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати