Тошкент ахборот технологиялари университетида ўтказилган тадбир талабаларнинг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчи ва талабалари, шунингдек таълим муассасасига бириктирилган профилактика инспектори иштирокида бўлиб ўтган учрашувда ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик масалалари хусусида сўз борди.
ИИВ академияси магистратураси тингловчиси, подполковник Б. Тожибоев сўз олиб, ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар, уларнинг замонавий кўринишлари, ёшлар томонидан содир қилинаётган ушбу турдаги ҳуқуқбузарликлар, амалдаги қонунчиликда бундай қилмишлар учун назарда тутилган нормалар юзасидан атрофлича тушунча берди.
Кейинги пайтларда ёшлар қатлами вакиллари интернетнинг салбий таъсири остида жиноят кўчасига кириб қолаётгани таъкидланиб, талабаларга зарур ҳуқуқий тавсия ва маслаҳатлар берилди. Бундай шароитда уларнинг ҳуқуқий онги ва кибермаданиятини юксалтириш, кибермаконидаги хавф-хатар ва мафкуравий таҳдидлардан огоҳ этиш муҳимлиги қайд этилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати