ИИВ академиясида уч авлод вакиллари иштирокида тадбир ўтказилди.
Тезкор қидирув ходимлари куни муносабати билан ташкил қилинган учрашувда Мирсамад Адилов, Аброр Ибрагимов, Шариф Аминов, Тоҳир Муллажонов, Абдукарим Шодиев ва бошқа фахрийлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда курсантлар қатнашди.
Тадбирда ички ишлар органлари фаолиятида тезкор қидирув хизматининг ўрни, соҳавий хизмат тарихи, ривожланиш босқичлари, жиноятчиликка қарши курашишда муносиб из қолдирган катта авлод вакиллари, уларнинг ибратли ҳаёт йўли, кейинги йилларда тезкор қидирув хизматида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида илиқ мулоҳазалар айтилди.
Истеъфодаги фахрийлар сўз олиб, ўзларининг кўп йиллик меҳнат фаолиятлари, ютуқлари ва йўқотганлари, синовли кунларда билим, тажриба ва касбий фазилатлар туфайли эришган натижалари, тезкор қидирув хизматининг ўзига хос мураккабликлари, соҳа машаққатларини енгиш йўлларига атрофлича тўхталиб, ёш авлод вакилларига керакли маслаҳатлар бердилар.
Қизиқарли ўтган тадбир курсантлар томонидан тайёрланган саҳна кўриниши ҳамда бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг Ватан, мардлик, жасорат ҳақидаги қўшиқлари билан давом этди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати