Юрт келажаги учун собит қадам бўлиш, уни асраб-авайлаш ва янада юксалтириш ҳар бир авлоднинг муқаддас бурчидир. Бу йўлда ёшлар қалбида ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш, уларга миллий қадрият ва анъаналарни, шонли тарихимизни чуқур англашни ўргатиш беқиёс аҳамиятга эга.
Ана шундай эзгу мақсадларни кўзлаб, махсус касбий танлов ва якка тартибдаги якуний суҳбатдан муваффақиятли ўтиб, академия курсанти деган шарафли номга сазовор бўлган ёш иштирокида ИИВ Ўқув-дала марказида “Уч авлод учрашуви” бўлиб ўтди.
Тадбирда ИИВ академияси раҳбарияти, Магистратура Бошқарув фанлари кафедраси катта ўқитувчиси, истеъфодаги генерал-майор Тоҳир Муллажонов, саф қисми офицерлари қатнашдилар. Учрашув самимият, ўзаро ҳурмат ва ҳаётий маслаҳатлар руҳида кечди.
Соҳа фидойиси бугунги кунда Президентимиз томонидан олиб борилаётган ёшларга оид сиёсат, кенг имкониятлар ва ички ишлар органларида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. Ушбу ислоҳотлар туфайли ёш кадрлар учун замонавий таълим дастурлари, малака ошириш имкониятлари, хизмат шароитларини яхшилаш ҳамда маънавий қўллаб-қувватлаш тизимлари янада мустаҳкамланаётгани таъкидланди.
Суҳбат жараёнида “устоз-шогирд” анъанасининг аҳамияти, изланиш ва ўз устида ишлашнинг зарурлиги ҳақида ҳам сўз борди. Юрт хизматига бел боғлаган ҳар бир ёш билимли, жасоратли ва ҳалол бўлиши муҳимлиги ҳақида фикрлар билдирилди.
Тадбир сўнгида курсантлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар, янги орзу ва мақсадлар билан руҳландилар. “Уч авлод учрашуви” нафақат тажриба алмашиш майдони, балки қалбларни ягона мақсад — Ватан равнақи йўлида бирлаштирган самимий мулоқот бўлиб қолди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати