Пойтахтимизда турдош олий таълим муассасалари ўртасида “Темур тузуклари билимдони” кўрик-танлови ўтказилди.
Буюк аждодимиз Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан ёш авлодни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида ўтказилган тадбирда 6 та жамоа қатнашди.
Иштирокчилар “Тузуклар билимдони”, “Амир Темур ва темурийлар даври ҳақидаги илмий ва бадиий асарларга назар”, “Буюк соҳибқирон менинг тасаввуримда” шартлари орқали билим салоҳияти, китобхонлиги ҳамда саҳна маҳоратини намойиш этди. Тарихчи олимлар, профессор-ўқитувчилар ва мутахассислардан иборат ҳакамлар ҳайъати жамоаларнинг чиқишини холисона баҳолади.
Якуний натижаларга кўра, Давлат хавфсизлик хизмати академиясининг “Ифтихор” жамоаси биринчи, ИИВ академиясининг “Темур издошлари” жамоаси иккинчи, Божхона институтининг “Ёш божхоначилар” жамоаси учинчи ўринни эгаллаб, ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Бу каби тадбирлар ёшларни буюк аждодларимизга муносиб ворислар этиб тарбиялаш, бой меросимизни ўрганиш ва тарғиб этиш орқали уларнинг маънавий дунёқараши, интеллектуал салоҳияти, юртга дахлдорлигини кучайтиришга хизмат қилмоқда.
ИИВ академияси Ахборот хизмати