Ички ишлар вазирлиги академиясида “Туркистон болалари” спектакли намойиш этилди.
Ушбу спектакль Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Олимжон Салимов бадиий раҳбарлигида, режиссёр Расулжон Тоғайқулов томонидан саҳналаштирилган.
Саҳна асари ўтган асрнинг 20-йилларида жадидлар кўмаги билан Бухородан Германияга таълим олиш учун борган, Ватанига қайтгач эса мустабид тузум қатағонига учраган Абдуваҳҳоб Муродий, Саттор Жаббор, Аҳмад Шукрий, Хайринисо Мажидхонова, Султон Матқул, Марям Султонмуродова, Афзал Абдусаид каби ёшларнинг ҳаёти ва фожиали қисмати ҳақида ҳикоя қилади.
Ўзбекистон давлат драма театри актёрлари ижро этган спектакль академия курсантларида улкан маънавий таассурот қолдирди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати