ИИВ академияси профессор-ўқитувчилари ва ўқитувчи-методистлари учун навбатдаги маҳорат дарси ташкил этилди.
Онлайн машғулотни Россия Федерацияси ИИВ Урал юридик институтининг Фалсафа, психология ва гуманитар фанлар кафедраси доценти, педагогика фанлари номзоди Софья Хилюк ўтказди.
Хорижлик мутахассис таълим тизимига кириб келаётган замонавий педагогик технологиялар, модулли рейтинг тизими ва рақамли платформаларнинг имкониятлари, бу борада Урал юридик институти ва бошқа турдош олий таълим муассасаларида йўлга қўйилган ёндашувлар, таълимда юқори самарадорликка эришишда педагог ва таълим олувчига қўйилаётган талаблар ҳақида маъруза қилди.
Халқаро тажрибанинг илғор жиҳатларини ўрганиш, профессор-ўқитувчиларнинг педагогик маҳоратини ошириш мақсадида ташкил қилинган машғулот якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати