Тожикистон Республикаси ИИВ Милиция фаолиятини ислоҳ қилиш бўйича миллий координатори, милиция полковниги Хамдамзода Валихон Хамдам бошчилигидаги делегация расмий ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясида бўлди.
Қўшни давлатдан ташриф буюрган меҳмонлар билан таълим муассасаси раҳбарияти иштирокида тор доирадаги учрашув бўлиб ўтди. Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи Рустам Хатамов тожикистонлик ҳамкасбларини таълим муассасасига ташриф буюрганликлари учун миннатдорлик билдириб, ўзаро алоқаларнинг бугунги ҳолатига юқори баҳо берди.
– Бизнинг халқларимизни умумий тарих, маданият ва маънавий қадриятлар, ўзаро ҳурмат ҳамда яхши қўшничиликнинг кўп асрлик анъаналари бирлаштириб туради. Бу яқинлик Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги муносабатлар учун мустаҳкам замин, асосий тамойил бўлиб хизмат қилади. Ҳамкорлигимиз юқори босқичга кўтарилиб, ўзаро манфаатли келишувларга эришилаётгани тизим учун профессионал кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади, – деди Р. Хатамов.
Шу билан бирга, сўнгги йилларда икки мамлакат Ички ишлар вазирликлари ўртасидаги алоқалар янги босқичга кўтарилиб, жиноятчиликка қарши курашишда ўзаро амалий ёрдам кўрсатиш, қўшма тергов ишларини олиб бориш, терроризм, одам савдоси, трансмиллий уюшган жиноятчилик, ноқонуний миграция ва бошқа турдаги хавф-хатарларнинг олдини олиш ҳамда қатор йўналишларда самарали ҳамкорлик йўлга қўйилгани эътироф этилди. Бу борада 2021 йилнинг 23 декабрида Ўзбекистон ва Тожикистон ИИВ Академиялари ўртасида имзоланган меморандум ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш баробарида, икки томонлама тажриба алмашиш, ички ишлар органлари учун профессионал кадрлар тайёрлаш ҳамда долзарб муаммолар бўйича илмий-тадқиқот фаолиятини амалга оширишга имкон бериши билдирилди.
– Сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар янада юқори поғонага кўтарилди, – деди Тожикистон Республикаси ИИВ Милиция фаолиятини ислоҳ қилиш бўйича миллий координатори, милиция полковниги Валихон Хамдамзода – Давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида алоқаларимиз барча соҳаларда жадал ривожланиб бормоқда. Бугунги учрашув истиқболдаги ҳамкорликни ривожлантириш йўлида муҳим қадам бўлади.
Шунингдек, Валихон Хамдамзода халқларимизни тарих синовидан ўтган мустаҳкам қардошлик ва аҳил қўшничилик ришталари боғлаб турганлиги, ҳамкорлик муносабатлари жадал суръатда ривожланаётганини алоҳида эътироф этиб, кўп қиррали алоқаларни кенгайтириш, минтақавий хавфсизлик, замонавий хавф-хатарларнинг олдини олиш, таълим соҳасида ҳамкорликни юксалтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Куннинг иккинчи ярмида меҳмонлар Маънавият ва маърифат маркази, Академия тарихи музейи, Ахборот-ресурс маркази, Жанговар ва жисмоний тайёргарлик кафедрасида бўлиб, сўнгги йилларда амалга оширилган улкан ислоҳотлар ва тингловчи-курсантлар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар ҳамда назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш мақсадида таълим жараёнига киритилган янги механизмлар билан яқиндан танишдилар.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати