Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Тизимнинг фаолият самарадорлиги оширилади

1 Апрел 2026, 22:13

68

Чирчиқ шаҳар ҳокимлигида “маҳалла еттилиги” тизими ходимлари учун семинар-тренинг ташкил қилинди.

Тадбирда давлатимиз раҳбарининг маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тўғрисидаги қарори билан ҳудудларга бириктилган масъул раҳбарлар, ИИВ академияси вакиллари ҳамда “маҳалла еттилиги” тизими ходимлари қатнашди.

Семинар-тренинг аввалида академия бошлиғи Рустам Хатамов сўзга чиқиб, Президентимиз қарорининг долзарб аҳамияти, устувор йўналишлари, қарор доирасида амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар, ҳудудларда ислоҳотлар самарасини таъминлаш ва аҳоли муаммоларини ҳал этишда “маҳалла еттилиги”нинг ўрни, тизимнинг фаолият самарадорлигини ошириш масалаларига атрофлича тўхталди.

Ҳамкор идоралар билан биргаликда ташкил этилаётган машғулотлар “еттилик” вакилларининг касбий компетентлигини ошириш орқали маҳаллаларнинг давлат органлари билан аҳоли ўртасида ишончли кўприк сифатидаги ролини янада мустаҳкамлашга қаратилганини алоҳида таъкидлади.

Шундан сўнг таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари томонидан “Маҳалла еттилиги” тизимининг ҳуқуқий асослари”, “Ижтимоий профилактика объектларини аниқлаш усуллари”,  “Ижтимоий мослаштириш дастурлари натижадорлигини ошириш”, “Ижтимоий профилактика ҳафталиги”нинг мақсад ва вазифалари”, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикасига кенг жамоатчиликни жалб қилиш” каби долзарб мавзуларда интерфаол машғулотлар ўтказилди.

Семинар-тренинг якунида очиқ мулоқот ташкил қилиниб, маҳаллалардаги муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан фикр алмашилди.

Шу куни академия бошлиғи “Нур” маҳалласига бориб, аҳоли учун хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар аҳволини ўрганди. Маҳалла фаоллари ва бириктирилган масъуллар билан мулоқот қилиб, “йўл харита”да белгиланган чора-тадбирлар ижросини муҳокама қилди.

Қайд этилишича, маҳаллага академиянинг тажрибали профессор-ўқитувчиларидан иборат ишчи гуруҳ жалб қилинган. Ўрганишлар давомида криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омиллар илмий-амалий ёндашувлар асосида таҳлил қилиниб, тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Шунга кўра, жиноят содир этилиши мумкин бўлган жойларга ташвиш тугмалари ва замонавий камералар ўрнатилиб, хавфсизлик тизимларига интеграция қилинди. Кўчалар ёритиш чироқлари билан жиҳозланиб, жамоат тартибини таъминлаш учун қўшимча куч ва воситалар йўналтирилди. Хонадонларни манзилли ўрганиш давомида аниқланган ижтимоий профилактика объектлари билан тегишли профилак чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Муҳими, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган тизимли ишлар натижасида маҳалланинг криминоген вазияти барқарорлашди.

Академия бошлиғи ҳудуд фаоллари билан мулоқот чоғида маҳаллани “яшил” тоифага ўтказиш, бунга тўсиқ бўлаётган омилларга бутунлай барҳам бериш, аҳоли муаммоларини мунтазам ўрганиб бориш, ижтимоий профиликтика самарадорлигини ошириш, фаолиятни янада жадаллаштириш зарурлигини айтиб ўтди. Келгусида бажарилиши лозим бўлган чора-тадбирлар бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech