Давлатимиз раҳбарининг маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қарорида устувор вазифалар белгилаб берилган.
Мазкур қарор асосида Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган тизимли ишлар натижасида жиноятчилик кескин камайиб, маҳаллаларнинг криминоген вазияти барқарорлашмоқда.
Айтиш жоизки, қарор билан уч йилдан буён “қизил” тоифада қолаётган 23 та маҳалла Ички ишлар вазирлиги академиясига бириктирилган эди. Ўтган 8 ой мобайнида тажрибали профессор-ўқитувчилардан иборат ишчи гуруҳлар томонидан манзилли ўрганишлар олиб борилиб, долзарб чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Хусусан, маҳаллаларда содир этилган барча жиноятларнинг асл омиллари илмий-амалий ёндашувлар аосида ўрганилди. Криминоген вазиятга салбий кўрсатаётган 60 га яқин “жиноят ўчоқ”лари ва овлоқ жойлар аниқланди. Ҳудудлардаги муаммолар бўйича 500 дан зиёд таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, “йўл харита”ларга киритилди.
Шу асосда жойларга 90 та замонавий камера, 105 та тунги ёритиш чироғи, 23 та “SOS” ташвиш тугмаси ўрнатилди. Айрим маҳаллаларга қўшимча профилактика инспекторлари ва патруль-пост хизмати ходимлари жалб қилиниб, 12 та “хавфсиз кўча” ва 4 та “хавфсиз уй” ташкил этилди.
Ҳудудларда ўтказилган сайёр қабуллар давомида 954 нафар фуқаронинг муаммоси ҳал этилди. Шунингдек хонадонлар манзилли ўрганилиб, 31 та низоли оила яраштирилди. Ижтимоий профилактика тадбирлари қамрови оширилди.
Муҳими, “маҳалла еттилиги” вакиллари ва бошқа масъул идоралар билан биргаликда кўрилган чора-тадбирлар натижасида криминоген вазият ижобий томонга ўзгариб, 13 та маҳалла “яшил”, қолган 10 та маҳалла “сариқ” тоифага ўтди.
Академия ишчи гуруҳи раҳбари, подполковник Алишер Муродовнинг таъкидлашича, ҳозирда бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Ҳудудларда кўп қайд этилаётган ҳуқуқбузарликларни инобатга олган ҳолда уларнинг барвақт олдини олишга қаратилган тажрибалар яратилиб, амалиётга татбиқ қилинмоқда.
ИИВ академияси Ахборот хизмати