ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармасининг Таълим муассасалари бўйича бўлими бошлиғи академия магистратураси тингловчилари билан учрашди.
Тадбир ички ишлар органларида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш, бу борадаги долзарб талабларни етказиш, тингловчиларнинг маънавий-ахлоқий фазилатларини янада юксалтириш мақсадида ташкил этилди.
Учрашувда ШХББ бўлим бошлиғи Ўткир Қосимов сўз олиб, хизмат интизомининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатларга тўхталди.
Айрим ходимлар томонидан содир этилаётган салбий хатти-ҳаракатлар интернет тармоқларида кенг муҳокамаларга ҳамда жамоатчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётгани айтиб ўтилди. Хусусан, аҳоли билан яқин ҳамкорликда ишлайдиган ходимларда мулоқот маданияти етишмаслиги, хизмат мажбуриятини қонун доирасида бажаришда қўпол камчиликларга йўл қўяётгани таъкидланди.
Магистратурада таълим олаётган тингловчилар келгусида раҳбарлик лавозимларига тайинланганда айни жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиши, қўл остидаги шахсий таркибнинг касбий билими ва маданиятини доимий равишда юксалтириб бориши, бунда аввало ўзлари шахсий намуна кўрсатиши кераклиги қайд этилди.
Учрашувда ўқув интизоми масалалари ҳам муҳокама қилинди. Ҳар бир ходим Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданияти ва хизмат интизоми кодекси талабларига қатъий амал қилиши, салбий иллатлар содир қилмаслиги, бундай ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўриши ҳақида огоҳлантирилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати