ИИВ академиясида тилларни ўқитишнинг долзарб масалаларига бағишланган илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Ўзбек тили байрами муносабати билан ташкил қилинган тадбирда етакчи илмий тадқиқот ва олий таълим муассасаларидан олимлар, соҳа мутахассислари, академия профессор-ўқитувчилари ва курсантлари, шунингдек қатор ҳамкор ташкилотлардан меҳмонлар қатнашди.
Конференция аввалида ўзбек тилининг бой тарихий илдизи, юксак мавқеи ва нуфузи, Янги Ўзбекистондаги маънавий ислоҳотлар жараёнида она тилимизнинг давлат тили сифатидаги мақомини янада юксалтириш йўлида қилинаётган эзгу ишлар эътироф этилди.
Соҳа мутахассислари иштирокида ўтказилаётган анжуман тилларни ўқитиш юзасидан ўзаро тажриба алмашиш, соҳадаги муаммоларнинг илмий-амалий ечимларини ишлаб чиқишга қаратилгани айтиб ўтилди.
Конференцияда ИИВ академиясининг Ўзбек тили ва хорижий тиллар кафедраси бошлиғи А. Курганов, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети профессори Ж. Якубов, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори М. Ҳакимова, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси доценти М. Бадалбаева, ИИВнинг Тошкент шаҳридаги академик лицейи ўқитувчиси З. Зубайдуллаева ва бошқалар сўзга чиқди.
“Ўзбек тили ва унинг ривожланиш босқичлари”, “Тил ўргатишнинг замонавий ёндашувлари”, “Интернет ресурслари асосида хорижий тилларни ўқитишнинг аҳамияти”, “Таржима санъатининг ўзига хос қоидалари”, “Тарихий асарларнинг қиёсий таҳлили”, “Ўзбек тили эвфемизмларида миллий маданиятнинг акс этиши” ҳамда бошқа мавзуларда маърузалар тингланди.
Таълим муассасаларида тилларни ўқитишнинг илғор ёндашувларини татбиқ қилиш, соҳа учун кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, тилшунослик масалаларини кенг тадқиқ қилиш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Тадбир якунида “Renessans” таълим университети талабалари ва академия курсантлари томонидан она тилимизни мадҳ этувчи чиқишлар намойиш қилинди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати