Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Тил яшаса, миллат яшайди

17 Октябр 2026, 16:31

136

21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Ички ишлар вазирлиги академиясида ўтказилган илмий-амалий конференция шу мавзуга бағишланди.

Тилшунос олимлар, мутахассислар, профессор-ўқитувчилар, ёш тадқиқотчилар, талаба ва курсант ёшлар иштирокида ўтган анжуманда она тилимиз нуфузини янада юксалтириш, унинг бой имкониятларидан самарали фойдаланиш, давлат ва жамият ҳаётида адабий тил меъёрларига риоя қилиш, миллий маданий меросимизни асраш ва келгуси авлодларга етказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидланганидек, ўзбек тили миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойликдир. Кейинги йилларда она тилимизнинг қадрини улуғлаш, жаҳон миқёсидаги нуфузини ошириш, давлат тили сифатида мавқеини мустаҳкамлаш йўлида кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Муҳтарам Президентимизнинг фармони асосида мамлакатимизда Ўзбек тили байрами куни белгиланиб, миллий қадриятларимизни асраб-авайлашга бўлган эътибор янада кучайди.

Конференцияда етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари, олимлар сўзга чиқди. “Ўзбек тилини хорижий тил сифатида ўқитишнинг замонавий методлари ва рақамли технологиялар”, “Нутқ маданияти соҳавий коммуникациянинг сифат кўрсаткичи сифатида”, “Ўзбек халқ мақолларининг бадиий дискурсдаги кўпмаънолилиги ва уларни луғатларга киритиш муаммоси”, “Давлат тилининг нуфузини оширишда замонавий ахборот технологияларининг ўрни” ва бошқа мавзуларда маърузалар тингланди.

Ўзбек тилини ўқитишнинг инновацион ёндашувларини оммалаштириш, давлат идораларида она тили меъёрларига риоя қилиш ва иш юритишни янада такомиллаштириш, ўзбек тилининг рақамли имкониятларини кенгайтириш, ёшларнинг нутқ маданиятини юксалтириш, тилшунослик фаолиятини ривожлантириш борасида долзарб таклиф ҳамда мулоҳазалар билдирилди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech