ИИВ академиясида таълим жараёнидаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Бошлиқ ўринбосарлари, факультет, кафедра ва бошқа тузилмалар раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар иштирок этган йиғилишда фаолиятнинг асосий йўналишлари танқидий руҳда муҳокама қилинди.
Академия бошлиғи Рустам Хатамов таълимни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш мақсадида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга тўхталди. Кейинги йилларда ўқитишнинг илғор ёндашувлари татбиқ қилингани, профессор-ўқитувчилар учун замонавий шароитлар яратилгани, кафедраларни малакали педагог кадрлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
“Ўқитувчи жамиятдан ортда қолмаслиги керак. Мамлакатимизда кечаётган ислоҳотларнинг шиддати олдимизга ана шу талабни қўймоқда”, – деди академия бошлиғи.
Йиғилишда эришилаётган натижалар билан бир қаторда, йўл қўйилаётган камчиликлар ҳам айтиб ўтилди. Айрим ҳолларда машғулотларнинг анъанавий методларда ўтказилаётгани, ёш ходимларда талабчанлик, ўз устида ишлаш, фаолиятини танқидий баҳолаш кўникмалари етишмаслиги, мустақил таълим имкониятларидан самарали фойдаланилмаётгани қайд этилди.
Академия бошлиғи ўқув жараёнларини ташкил этишда факультет ва кафедра раҳбарларининг масъулиятини ошириш, профессор-ўқитувчилар фаолиятини мониторинг қилиш механизмларини такомиллаштириш, “Smart-reyting”, “Hemis” ва бошқа тизимларнинг натижадорлигини ошириш, рақамли таълимга ўтиш ишларини жадаллаштириш юзасидан топшириқлар берди.
“Таълим-тарбия масаласида барчамиз, раҳбарлардан тортиб оддий ходимгача масъулиятни ҳис қилсак, шунда фаолиятимизда ўзгариш бўлади”, – деди академия бошлиғи.
Йиғилишда ташкилий масалалар ҳам кўрилиб, қатор лавозимларга тайинловлар амалга оширилди. Жорий ўқув йилида белгилаб олинган вазифалар юзасидан муҳим қарорлар қабул қилинди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати