Аввал хабар қилинганидек, ИИВ академиясида Хитой Жамоат хавфсизлиги университети талабалари учун ўқув курси ташкил қилинган эди.
Ўқув дастури асосида таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари томонидан жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, терроризм, экстремизм, одам савдоси, кибержиноятчилик ва бошқа хавф-хатарларга қарши курашиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини самарали ташкил қилиш каби йўналишларда машғулотлар ўтказилди.
Бундан ташқари, университет вакиллари юртимиз тарихи, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, тараққиёт стратегиямизда белгилаб берилган устувор вазифаларнинг мазмун-моҳияти ёритилган маърузалар тингладилар. Шу билан бирга, турли маданий-маърифий тадбирлар ҳамда юртимизнинг диққатга сазовор масканларига саёҳатлар уюштирилди.
Ўқув курси якуни муносабати билан бўлиб ўтган тадбирда делегация раҳбари Жанг Жоу сўз олиб, ҳозирги глобал шароитда тажриба алмашинувини кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
“Қисқа вақт мобайнида ўзимиз учун кўп жиҳатларни олдик. Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан самимий мулоқот қилиб, ютуқларимиз ҳақида фикр алмашдик. Айтишим жоизки, академия фаолияти билан танишиш чоғида ўзига хос ёндашувларга гувоҳ бўлдим. Аввало, таълим жараёнида назария ва амалиёт уйғунлигига устувор аҳамият қаратилмоқда. Курсантлар билан олиб борилаётган ватанпарварлик тарбияси буюк алломаларнинг ибратли ҳаёти ва бой меросига таянилган ҳолда амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, таълим сифатини ошириш мақсадида профессор-ўқитувчиларнинг дарс машғулотларини мониторинг қилиб бориш йўлга қўйилган. Албатта, булар замонавий таълимнинг муҳим хусусиятлари саналади”, – деди у.
Академия бошлиғи Рустам Хатамов паритет асосида амалга оширилаётган қўшма дастурлар икки мамлакат ёшлари учун улкан имконият яратаётганини эътироф этиб, шундай деди:
“Таълим муассасаларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бормоқда. Ўтган давр мобайнида долзарб мавзуларга қаратилган малака ошириш курслари, маҳорат дасрлари ташкил қилинди. Муҳими, тажриба алмашиш борасида самарали тизим йўлга қўйилди. Бугунги ахборот технологиялари даврида инновацион ютуқларни ўрганиш ва илғор ёндашувларни амалиётга жорий этиш стратегик омил саналади. Шу боис, ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ва янги форматларда давом эттириш манфаатларимизга хизмат қилади”.
Тадбирда Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси маслаҳатчиси Чэнь Юй сўз олиб, кўп қиррали алоқаларнинг янги замон руҳига мос равишда мустаҳкамланиб бораётгани узоқ муддатли стратегик ҳамкорлик самараси эканлигини таъкидлаб ўтди. Шундан сўнг университет вакилларига сертификатлар топширилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати