Фарзанд тарбиясида оила, айниқса ота-оналарнинг алоҳида ўрни бор. Таҳлилларга қарасак, аксарият вояга етмаганлар айнан оиладаги носоғлом муҳит туфайли жиноятга қўл урмоқда.
Ички ишлар вазири ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи, генерал-майор Бекмурод Абдуллаев ҳамда вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлар иштирокида ўтказилган тадбир шу мавзуга бағишланди.
ИИВ академиясида бўлиб ўтган учрашувда вояга етмаганлар томонидан содир қилинаётган ҳуқуқбузарликлар, уларнинг асл омиллари, олдини олиш чоралари, “оила – мактаб – маҳалла” тамойили асосида амалга оширилаётган профилактик ишлар ҳамда ечимини кутаётган айрим масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Кейинги йилларда аҳоли билан манзилли ишлаш, маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида самарали тизим йўлга қўйилгани, бироқ ёш авлодни жиноятчиликнинг ҳар қандай кўринишидан асраш долзарб вазифалардан бири эканлиги таъкидланди.
Вазир ўринбосари вояга етмаганлар жиноятчилигига асосан оилалардаги носоғлом муҳит сабаб ва шароит яратаётгани, бу борадаги профилактик ишларга ота-оналарни кенгроқ қамраб олиш зарурлигини қайд этди.
– Афсуски, айрим ота-оналар фарзанди олдидаги масъулиятини тўкис бажармайди. Боласининг ҳуқуқбузарлик содир қилганини билгани ҳолда бунинг ҳуқуқий оқибатини англамайди. Шу боис аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишларини кучайтириш, профилактик ишлар таъсирчанлигини ошириш, оилаларни соғломлаштиришга алоҳида эътибор қаратишимиз керак. Фарзанд тарбиясидаги кичик нуқсон куни келиб катта муаммога айланиши ва жамиятга салбий таъсир кўрсатиши мумкин, – деди вазир ўринбосари.
Мулоқот чоғида инспектор-психологлар ҳам сўзга чиқиб, хизмат фаолиятларига доир масалалар юзасидан таклиф ва тавсияларини билдирдилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати