Нукус шаҳрида “маҳалла еттилиги” тизими вакиллари учун икки кунлик семинар-тренинг ташкил қилинди.
Президентимизнинг маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратишга қаратилган қарорлари ижроси доирасида ташкил қилинган машғулотларга Қорақалпоғистон Республикасидаги барча маҳаллалардан “маҳалла еттилиги” ходимлари жалб қилинди.
ИИВ академияси профессор-ўқитувчилари томонидан маҳаллаларда аҳоли билан манзилли ишлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ижтимоий профилактика объектларини аниқлаш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш, ижтимоий мослаштириш дастурлари натижадорлигини ошириш, оилаларда маънавий муҳитни соғломлаштириш, ҳудудий “йўл харита”лар ижросини сифатли таъминлаш каби долзарб йўналишларда машғулотлар ўтказилди.
Шу билан бирга, маҳалла фаолларининг таклиф ва муаммолари тингланиб, ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, жиноятларнинг барвақт олдини олиш, мурожаатлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилган семинар-тренинг “маҳалла еттилиги” ходимларининг билим ва кўникмалари ошириш, жамият ҳаётидаги ролини кучайтириш, ҳудудлардаги муаммоларни таҳлил қилиш, хавфсиз муҳитни шакллантиришда илғор тажрибаларни оммалаштириш, ислоҳотларнинг амалий натижадорлигини таъминлашгга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати