Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Руҳий барқарорлик – хизмат самарадорлигининг муҳим омили

26 Май 2026, 19:53

77

Ички ишлар органларида хизмат қилиш соғлом руҳий ҳолат ва психологик барқарорликни ҳам талаб этади. Ходимларнинг психологик ҳолатини ўрганиш ва стрессга бардошлилик кўникмаларини ривожлантириш хизмат самарадорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга.

ИИВ академиясида “Ички ишлар ходимларининг фаолиятида юзага келадиган муаммоли ҳолатларда ўзини ўзи идора қилиш ва стрессга бардошлиликни ошириш: назария ва амалиёт” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Ички ишлар органлари ходимларининг хизмат жараёнида учрайдиган мураккаб вазиятларда психологик барқарорликни сақлаш, ҳиссиётларни бошқариш, стресс таъсирига чидамлиликни ошириш ҳамда тўғри қарор қабул қилиш кўникмаларини ривожлантириш масалаларига бағишланган тадбирда соҳа мутахассислари, тадқиқотчилар, таълим маскани профессор-ўқитувчилари ва курсантлар иштирок этди.

Сўз олганлар касбий фаолиятда эмоционал зўриқиш ва уни бартараф этишнинг амалий йўллари, муаммоли вазиятларда ўзини-ўзи идора қилиш механизмлари, стрессни енгиш ва хизмат жараёнида руҳий барқарорликни сақлаш, шунингдек, курсантларнинг психологик тайёргарлигини мустаҳкамлаш йўналишларида маърузалар қилдилар.

Давра суҳбати давомида релаксация, нафас машқлари, эмоционал назорат, иродавий барқарорлик, жисмоний тайёргарлик ва психологик ёрдам усулларининг аҳамияти ҳақида сўз юритилди. Таъкидланганидек, ички ишлар ходимининг руҳий барқарорлиги унинг хизмат самарадорлиги, касбий маҳорати ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Тадбир якунида ички ишлар органлари ходимлари ва курсантларида стрессга бардошлиликни ошириш, психологик тайёргарликни кучайтириш ҳамда мураккаб вазиятларда қонуний ва тезкор қарор қабул қилиш кўникмаларини ривожлантириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech