Шу кунларда пойтахтимиз Туркий давлатлар ташкилоти ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Бош прокурорларининг навбатдаги йиғилишига мезбонлик қилмоқда.
Мазкур анжуманда иштирок этиш учун юртимизга келган МДҲ давлатлари Бош прокурорлари мувофиқлаштирувчи кенгашининг ижрочи котиби Юрий Жданов Ички ишлар вазирлиги академияси фаолияти билан танишди.
Россиялик меҳмон мамлакатларимиз ўртасидаги муштарак алоқаларнинг рамзи сифатида дастлаб “Дўстлик боғи”да бўлди. Унга янги боғнинг барпо этилиши ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашдаги аҳамияти ҳақида сўзлаб берилди.
Шундан сўнг ахборот-ресурс маркази, ўқув бинолари, махсус жиҳозланган автотранспорт воситалари, спорт мажмуаси ва бошқа замонавий иншоотларни кўздан кечирди. Таълим жараёнидаги илғор ёндашувлар, раҳбар кадрлар тайёрлашнинг ўзига хос жиҳатлари, курсант ва тингловчилар учун яратилган шароитлар билан танишиб, академия фаолиятидаги кенг қамровли ўзгаришларга юқори баҳо берди.
“Анча йиллар олдин ушбу даргоҳга келган эдим. Бугунги янгиланишлар академиянинг салоҳияти тобора юксалиб бораётганидан далолат беради. Айниқса ўқитишнинг замонавий методлари, назария ва амалиёт уйғунлигига қаратилаётган эътибор, ёш авлодларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида олиб борилаётган ишлар таҳсинга сазовор”, – деди юртимиз меҳмони.
Шундан сўнг академия бошлиғи Рустам Хатамов ва Юрий Жданов ўзаро мулоқот қилдилар. Учрашувда Ўзбекистон ва Россия муносабатларининг бугунги ҳолати, кўп қиррали ҳамкорлик доирасида эришилаётган натижалар, манфаатли алоқаларнинг истиқболли йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.
Ўқув даргоҳи бошлиғи учрашувнинг аҳамиятини эътироф этган ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимида тажриба алмашинувини кенгайтириш ҳозирги шароитда долзарб аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Ўз навбатида, Юрий Жданов давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар сезиларли даражада фаоллашиб бораётганини алоҳида қайд этди.
“Танишув давомида академия раҳбари билан самимий суҳбатлашдик. Ўйлайманки, бугунги учрашув келгусидаги ҳамкорлигимизда муҳим қадам бўлади”, – деди Юрий Жданов.
Шу куни томонлар манфаатли алоқаларда бир-бирларини қўллаб-қувватлашга келишиб олдилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати