Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси масъул раҳбарлари ИИВ академиясида мастер-класс машғулотлари ўтишди.
Машғулотларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, тезкор-қидирув, эксперт-криминалистика, хизмат фаолиятини тарбиявий-психологик таъминлаш, жазони ижро этиш, ташкилий-штаб, пробация, рақамли технологиялар соҳасида жиноятларга қарши курашиш йўналишларида таълим олаётган курсантлар қатнашди.
Соҳа мутахассислари ички ишлар органларидаги кенг қамровли ислоҳотларни қамраб олган ҳолда ёш кадрларга қўйилаётган долзарб талаблар, касбга мослашиш, фаолиятда юқори кўрсаткичларга эришиш, касбий салоҳиятни ошириш омиллари, назарий билимни амалий кўникмалар билан бойитишда дуал таълим тизимининг ўзига хос аҳамияти ҳамда бошқа жиҳатларга тўхталиб ўтишди.
Мулоқот тарзида ўтган машғулотлар давомида курсантлар керакли тавсиялар олдилар. Академияни битириш арафасида турган ёшлар билим, дунёқараш, жанговар-жисмоний тайёргарлик, маънавий-ахлоқий жиҳатдан ҳар томонлама профессионал бўлиши, янги авлод кадрлари сифатида юксак бурч ва масъулият билан хизмат қилиши лозимлиги таъкидланди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати