Ёшлар куни муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар ёшлар муаммоларини тинглаш ва манзилли ҳал этишда самарали тизим вазифасини ўтамоқда.
Ички ишлар вазирлиги академиясида ташкил қилинган “Раҳбар ва ёшлар” учрашувига Чирчиқ шаҳрининг “Мирза Ғолиб”, “Ёшлик”, “Нур” ва “Бирлик” маҳаллаларида истиқомат қилаётган ўттизга яқин уюшмаган ёшлар таклиф қилинди.
Тадбир аввалида уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида ўқув даргоҳи бўйлаб саёҳат уюштирилди. Ахборот-ресурс маркази, ўқув хоналари, саф майдони, спорт мажмуаси ва бошқа жойларни кўздан кечирган ёшлар мамлакатимиз ички ишлар органлари учун профессионал кадрлар тайёрлаб бераётган маскан ҳақида бой таассуротга эга бўлишди.
Шундан сўнг академия раҳбари Рустам Хатамов билан учрашув бўлиб ўтди. Очиқ мулоқотда ёш авлоднинг бугунги ва эртанги тақдири давлатимизнинг доимий эътиборида эканлиги таъкидланди. Ёшлар ўртасида соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, эзгу мақсадлар сари йўналтириш тадбирдан кўзланган асосий мақсад эканлиги айтиб ўтилди.
Академия бошлиғи маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш борасида кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, бунда ёшлар бандлигини таъминлаш, улар орасида профилактик ишларни кучайтириш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани, тизимли ишлар натижасида ҳудудлардаги муаммолар ижобий ечим топаётганини қайд этди.
Мулоқот давомида ёшларнинг муаммолари, таклиф ва истаклари тингланди. Уларнинг касб-ҳунар эгаллаши, олий таълим муассасаларида ўқиши, жамиятнинг соғлом фикрли аъзосига айланиши учун зарур чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди. Академия бошлиғи ёшларни билимли, ватанпарвар ва фидойи бўлишга даъват этиб, уларга эсдалик совғаларини топширди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати