Навоий шаҳрида ички ишлар, прокуратура ва суд органлари вакиллари учун “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курси ташкил қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан ўтказилган икки кунлик ўқув курсида асосий эътибор БМТ тавсияларини ҳисобга олган ҳолда тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимларининг қийноққа солишга қарши курашиш бўйича билим ва амалий кўникмаларни шакллантиришга қаратилди.
Машғулотлар Инсон ҳуқуқлари миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари М. Тиллабоев, жиноят ишлари бўйича Кармана тумани суди раиси Б. Имомов, ИИВ академияси факультет бошлиғи А. Матчонов, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ўқитувчиси Б. Қодирова ва бошқалар томонидан ўтказилди.
Ўқув курси якунида тест синовларидан муваффақиятли ўтган тингловчиларга сертификат топширилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати