Сўнгги йилларда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган изчил ислоҳотлар натижасида Ички ишлар вазирлиги академиясида таълим олишни мақсад қилган ёшлар сафи кўпайиб бормоқда.
Ўқув даргоҳида курсант қизлар учун барча шароитлар яратилган бўлиб, бу уларнинг ўзлари танлаган мутахассислик бўйича замонавий билим ва амалий кўникмаларни пухта эгаллашида муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса таълим жараёнига татбиқ қилинган ўзига хос ёндашувлар ёшларнинг профессионал салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилаётир.
Ўқув-саф қисми ташаббуси билан ташкил этилган галдаги тадбир қизлар таълим-тарбиясига бағишланди. Қизлар отряди офицерлари ва кундузги таълим бакалавриат йўналишида таҳсил олаётган курсантлар иштирок этган тадбирда ички ишлар органлари фаолиятида аёл ходималарнинг ўрни ҳақида сўз борди.
– Юртимизда хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ижтимоий-сиёсий фаоллиги тобора юксалиб бормоқда. Бу ўринда ички ишлар органлари тизимида хизмат қилаётган ходима аёлларни ҳам алоҳида эътироф этиш жоиз. Айниқса сўнгги йилларда ички ишлар органлари фаолиятига янги механизмлар жорий қилиниб, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлашда хотин-қизларнинг иштироки кучайтирилди. Шу маънода, соҳани етук малакали кадрлар билан таъминлаш, курсант қизларга замон талаблари даражасида билим бериш тизим фаолиятини такомиллаштиришда муҳим пойдевор бўлади, – деди Ўқув-саф қисми курслар бошлиғининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари, подполковник Мақсуда Хўжаназарова.
Тадбирда курсантларнинг ўқиб-изланиши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, уларни турмушга тўғри тайёрлаш, маънавий-ахлоқий дунёқараши ва тиббий-психологик билимларини мустаҳкамлаш, дарсдан бўш вақтини мазмунли ташкиллаштириш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, ёшлар мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиши лозимлиги таъкидланди. Курсантлар ички ишлар органлари амалий фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари, назарий билим ва кўникмаларни самарали қўллаш омиллари ҳақида фойдали тавсияларга эга бўлишди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати