ИИВ академиясининг Хорижий кадрлар билан ишлаш факультетида миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни тарғиб этувчи тадбир ўтказилди.
Қирғизистон Республикасининг давлат тили куни муносабати билан ўтказилган тадбирда қонун ижодкорлари, олимлар, ўқитувчи ва курсантлар иштирок этди.
Маълумки, она тили ҳар бир мамлакат, халқ учун миллий қадрият, мустақил давлатчилик асоси, маънавий юксалиш омили саналади. 1989 йил 23 сентябрда Қирғизистон Олий Кенгаши томонидан давлат тили тўғрисидаги қонун қабул қилиниб, қирғиз тилининг мақоми мустаҳкамланган эди. Шундан бери ушбу сана мамлакатда давлат тили куни сифатида кенг нишонланади.
Тадбирда сўзга чиққанлар ўзбек ва қирғиз халқларининг ўтмиши, маданияти, миллий қадрият ва анъаналари, туркий тилларнинг шаклланиш босқичлари, ҳозирги глобаллашув шароитида она тилининг жамият тараққиётидаги ўрни, давлат тилига юксак эътибор қаратиш ва унинг мақомини юксалтириш борасидаги ишларнинг беқиёс аҳамияти ҳақида мулоҳаза юритишди.
Шунингдек тадбирда Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва умумий манфаатларни ҳисобга олиш тамойилларига асосланган муносабатлари эътироф этилди. Кейинги йилларда икки мамлакат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси туфайли муносабатлар мутлақо янги сифат босқичига кўтарилгани алоҳида таъкидланди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати