Халқ юрагига яқин, самимият ва дард билан суғорилган ижод йиллар ўтса-да, ўз кучини йўқотмайди. Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф шеърияти ана шундай маънавий қудратга эга.
Пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида бетакрор истеъдод соҳиби ҳаёти ва ижодига бағишланган адабий кеча бўлиб ўтди.
Шоир ҳайкали пойида ўтган тадбирда Ёзувчилар уюшмаси бўлим бошлиғи Маъмура Зоҳидова, Ички ишлар вазирлиги академияси профессор-ўқитувчилари ва курсантлари иштирок этди.
Сўз олганлар шоир ижодининг халқчиллик, самимият, ватанпарварлик ва инсонпарварлик руҳи билан йўғрилганини алоҳида таъкидлаб, унинг шеърларида инсон қалбининг нозик кечинмалари, она юртга муҳаббат, меҳр-оқибат, садоқат ва фидойилик туйғулари юксак бадиий ифода топганини қайд этдилар. Севимли шоиримиз шеърларидан ўқиб берган иқтидорли ёшларга китоблар туҳфа қилинди.
Шу куни бир гуруҳ курсантлар Тошкент тарихи музейини ҳам томоша қилишди. Улар масканда пойтахтимиз шонли тарихининг турли даврларини ўзида акс эттирган амалий санъат дурдоналари, этнографик ашёлар, археологик топилмалар ва тарихий обидалар макетлари билан яқиндан танишдилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати