ИИВ академиясида ички ишлар органларининг маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш бўлинмалари психологлари учун галдаги ўқув йиғини ташкил этилди.
Соҳа мутахассислари ҳамда таълим даргоҳининг малакали профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилаётган машғулотлар психологларнинг касбий билим ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш, мураккаб хизмат вазиятларида самарали психологик ёрдам кўрсатиш салоҳиятини оширишга қаратилган.
Ўқув дастуридан “Ходимлар билан психологик консультацияни ташкил этиш, муаммонинг асосий сабабларини аниқлаш ва мақбул психологик ёрдам йўналишини белгилаш”, “Касбий стресс ва психоэмоционал зўриқишни камайтиришнинг психокоррекцион технологиялари”, “Носоғлом хулқ-атвор ва зарарли одатларга мойил ходимлар билан коррекцион ишлаш усуллари”, “Психоэмоционал зўриқиш ва чарчоқ белгиларини аниқлаш ҳамда таҳлил қилиш” каби долзарб мавзулар ўрин олган.
Шу билан бирга, амалий тренингларда мураккаб хизмат шароитида стрессга барқарорлик ва психологик чидамлиликни ривожлантириш, хизматга мослашишда қийналаётган ходимлар билан индивидуал ишлаш, эмоционал барқарорлик ва ўзини ўзи бошқариш кўникмаларини шакллантириш, шунингдек, мулоқотга киришиши қийин, агрессив ёки психологик қаршилик кўрсатувчи ходимлар билан профессионал мулоқот ўрнатиш усулларига алоҳида эътибор қаратилади.
Ўқув курси давомида иштирокчилар академия курсантлари билан гуруҳларда ишлаб, мослашувчанлик, коммуникатив кўникмалар ва касбий компетентликни ривожлантиришга қаратилган психологик тренинглар ўтказадилар. Бу эса ўзлаштирилган билим ва методикаларни бевосита амалий жараёнда синаб кўриш имконини беради.
Қайд этиш лозимки, ўқув йиғини 17 октябрга қадар давом этади. Якунда белгиланган синовлардан муваффақиятли ўтган иштирокчиларга сертификатлар топширилади.
ИИВ академияси Ахборот хизмати