ИИВ академиясида “Криминоген вазияти оғир маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш: муаммо ва ечимлар” мавзуида илмий-амалий конференция ўтказилди.
Манфаатдор вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари иштирок этган тадбир Президентимизнинг “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросига бағишланди.
Конференция аввалида академия бошлиғи Рустам Хатамов нутқ сўзлади.
Кейинги йилларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликни жиловлаш борасида самарали тизим яратилгани, халқимизнинг осойишта ва хавфсиз ҳаётини таъминлаш, маҳаллаларни жиноятдан холи ҳудудга айлантиришга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар ижобий натижа бераётгани, давлатимиз раҳбарининг қарори тизимдаги ислоҳотларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиққани таъкидланди.
– Президентимиз қарори юртимизда кечаётган ислоҳотларга дахлдор ҳар бир юртдошимизнинг масъулиятини оширишга хизмат қилгани билан ғоят муҳим аҳамият касб этди. Қарор билан устувор вазифалар ва уларни амалга ошириш механизмлари аниқ белгилаб берилди. Жиноятчиликни жиловлашга қаратилган мақсадли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш, маҳаллаларнинг криминоген вазиятини доимий равишда муҳокама қилиб бориш, муаммоларни жойида ҳал қилиш тизими йўлга қўйилди. Бу эса ўзининг ижобий натижасини кўрсатмоқда, – деди Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов.
Тадбирда, шунингдек, “Хавфсиз шаҳар” тизимларини ривожлантириш маркази директори У. Куланов, Криминология тадқиқот институти бошлиғи ўринбосари А. Шуҳрат, Жамоат хавфсизлиги университети бошлиғи ўринбосари Ш. Зулфиқоров, ИИВ академияси бошлиғи ўринбосари Т. Кучкаров ва бошқалар сўзга чиқди.
Маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг асл омилларини ўрганиш ва криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар, амалиётга татбиқ қилинган янгича ёндашув ва тажрибалар, ўтган давр мобайнида эришилган натижалар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Конференция якунлари бўйича ишлаб чиқилган таклиф ва тавсиялар ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш орқали маҳаллаларда обод ва хавфсиз муҳитни қарор топтиришга, жамият фаровонлигини оширишга хизмат қилиши таъкидлаб ўтилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати