Пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида Ўзбек тили байрами кунига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унда давлат ва жамоат арбоблари, олимлар, ёзувчи ва шоирлар, қатор идора ва ташкилотлар, таълим муассасалари вакиллари, шу жумладан, Ички ишлар вазирлиги академияси профессор-ўқитувчилари ва курсантлари иштирок этди.
Тадбир буюк мутафаккир бобомиз Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш билан бошланди. Зиёлилар, тилшунос олимлар, устоз-мураббийлар ўзбек тилининг бой тарихи, бетакрор жозибаси, халқимиз маънавий ҳаётида тутган беқиёс ўрни, сўнгги йилларда она тилимизнинг қадр-қимматини юксалтириш борасида амалга оширилаётган эзгу ишларни эътироф этишди.
Асрлар қаъридан ўтиб келаётган она тилимиз миллий ўзлигимизни англатувчи, миллатимизнинг борлигини намоён этувчи, халқимизни маънавий юксалиш ва тараққиёт сари бошловчи қудрат манбаи эканлиги алоҳида таъкидланди.
Тадбир кўркам хиёбонда қад ростлаган Абдулҳамид Чўлпон ҳайкали қошида давом этди. Академия вакиллари ўз чиқишлари орқали она тилимизга бўлган чексиз эҳтиром ва муҳаббатларини намоён этдилар. Иқтидорли курсантлар томонидан ижро қилинган қўшиқ ва шеърлар, саҳна кўринишлари йиғилганларга байрамона кайфият бағишлади.
ИИВ академияси Ахборот хизмати