ИИВ академиясига бириктирилган ҳудудлар қаторида Навоий вилоятидаги криминоген вазияти мураккаб маҳаллалар ҳам бор.
Президентимизнинг жорий йил 5 январдаги маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлашга қаратилган қарори асосида уч йилдан буён “қизил” тоифада қолаётган мазкур маҳаллаларда ҳам ўрганишлар амалга оширилмоқда.
Бу борадаги ишларни янги тизим асосида самарали ташкил этиш мақсадида ҳудудларга илмий-амалий салоҳиятга эга профессор-ўқитувчилар жалб қилинган. Улар маҳаллалардаги “еттилик” тизими ходимлари билан ҳамжиҳатликда жиноятчилик омилларини ўрганиб, криминоген вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган ёндашувларни амалиётга татбиқ этишмоқда.
Шу кунгача Хатирчи туманидаги “Навбаҳор”, олис Зарафшон, Учқудуқ, Нуротадаги “Мингбулоқ”, “Олтин водий”, “Сентоб” маҳаллаларида кенг қамровли ўрганишлар олиб борилди. Содир қилинган жиноятлар илмий ёндашувлар асосида таҳлил қилиниб, криминоген хавфи юқори “жиноят ўчоқ”лари бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Маҳаллалардаги 800 дан ортиқ хонадон вакиллари билан манзилли суҳбат натижасида 23 нафар ижтимоий профилактика объектлари аниқланиб, “маҳалла еттилиги”га номма-ном бириктирилди. Жамоат хавфсизлигини туну кун таъминлаш мақсадида аҳоли гавжум ҳудудлар, кўча ва хиёбонлар, овлоқ жойларга қўшимча патруллик гуруҳлари йўналтирилди.
Аҳолининг огоҳлигини ошириш, жиноятдан жабрланиш эҳтимолини камайтириш мақсадида 200 дан ортиқ фуқаронинг уяли алоқа воситаси икки босқичли ҳимоя тизимига ўтказилди. Шунингдек “Менинг инспекторим” мобил иловаси ўрнатилиб, профилактика инспектори билан тезкор алоқа ўрнатиш имконияти яратилди.
Шу билан бирга, вилоят ИИБ раҳбарияти ташаббуси билан Зарафшон шаҳридаги “Олтин водий” маҳалласида сайёр қабул ташкил этилиб, фуқароларнинг муаммоли масалалари ҳал этилди.
Ҳозирда ишчи гуруҳ вакиллари бошқа маҳаллаларни ҳам манзилли тарзда ўрганиб, криминоген вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган “йўл харита”лар ижросини таъминлаб келишмоқда. Бунда ижтимоий профилактикани кучайтириш, оила-тушмуш доирасидаги ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ҳудудларни камералаштириш орқали маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
ИИВ академияси Ахборот хизмати