Юртимиздаги барча таълим муассасаларида бўлгани каби пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 121-сонли умумий ўрта таълим мактабида ҳам янги ўқув йили тантана билан қарши олинди.
Туман фаоллари, халқ таълими бўлими мутасаддилари, Ички ишлар вазирлиги академияси вакиллари, мактаб ўқитувчи-мураббийлари ва ўқувчилар иштирок этган тадбирда сўз олганлар ёш авлод таълим-тарбияси йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтишди.
Мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Шаҳноза Мойлиеванинг таъкидлашича, янги ўқув йилига қизғин ҳозирлик кўрилди. Ўқув бинолари ва синфхоналар жорий таъмирдан чиқарилиб, шинам тарзда жиҳозланди. Ёшларнинг замонавий шароитда таълим-тарбия олиши ва дарсдан бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун қулай имкониятлар яратилди.
Айтиш жоизки, янги ўқув йилида мактабнинг биринчи синфига 128 нафар ўқувчи қабул қилинди. “Биринчи қўнғироқ” садоларидан сўнг ўқувчилар кўркам синфхоналар томон йўл олдилар. Жажжи болажонларга 12 турдаги ўқув қуролларидан иборат Президент совғалари топширилди.
Илк машғулот “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” шиори остида “Мустақиллик дарси”га бағишланди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати