10–15 ноябрь кунлари ИИВ академиясида ички ишлар органлари тизимидаги тегишли раҳбарлар учун қисқа муддатли ўқув йиғини ташкил қилинди.
Машғулотларга ҳудудлардан Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати ҳамда Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бошлиқлари, шунингдек Тергов бошқармаси бошлиғи ўринбосарлари жалб этилди.
Тингловчилар ички ишлар органларида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва фаолиятга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, тизим самарадорлигини янада оширишнинг устувор йўналишлари, бу борадаги долзарб вазифа ва талаблар, шунингдек жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятларни тергов қилиш, маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан ишлаш фаолиятини такомиллаштириш, амалиётга татбиқ қилинган ёндашувлар асосида натижадорликни ошириш юзасидан билим ва кўникмаларини оширдилар. Бундан ташқари, жойлардаги сайёр машғулотлар давомида тизимдаги янгиликлар билан танишиб, ўзаро тажриба алмашдилар.
Ички ишлар вазирлиги вакиллари ва академия профессор-ўқитувчилари томонидан ўтказилган машғулотлар якунида тингловчилардан синов имтиҳонлари қабул қилинди. Шунингдек ўқув йиғини иштирокчилари таълим муассасаси фаолияти билан танишдилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати