Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили магистратура тингловчиларига машғулот ўтди

29 Май 2024, 08:05

496

Ички ишлар вазирлиги академиясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова иштирокида машғулот ташкил этилди.

Унда Омбудсман институтининг асосий фаолият йўналишлари, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар хусусида сўз борди.

Феруза Эшматова МДҲ миқёсда биринчилардан бўлиб Ўзбекистонда жорий қилинган ушбу институт ҳозирда нуфузли халқаро ташкилотларнинг тўлақонли аъзоси эканлигига урғу берди. Кейинги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари олий қадрият сифатида эътироф этилиб, соҳада изчил ислоҳотлар амалга оширилаётгани, янгиланган Конституциямизда Омбудсман институтининг ваколатлари янада кенгайгани таъкидланди. Туб ўзгаришлар натижасида институт фуқаролар ҳуқуқларини кафолатлашда давлат ва жамият ўртасида ўзига хос кўприкка айлангани қайд этилди.

Давра суҳбатида Омбудсман ва унинг минтақавий вакиллари томонидан аҳоли мурожаатлари билан ишлаш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берилди. Жамиятда инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотлар барча соҳалар қатори, ички ишлар органлари ходимларидан фаолиятни халқчил механизмлар асосида ташкил қилишни тақозо этаётгани айтиб ўтилди. Бу борада ечимини кутаётган айрим масалалар, тизим раҳбарлари олдида турган устувор талаб ва вазифалар юзасидан тавсиялар билдирилди.

Шу куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили академия раҳбари Рустам Хатамов билан мулоқот қилди. Учрашувда ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Ички ишлар органлари тизимида аҳоли билан яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтирилган янги тизим амалиётга татбиқ қилингани, тизимнинг қуйи бўғинлари фаолиятини янада такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди. Томонлар Омбудсман институти билан ҳамкорликда таълим олувчилар ва амалиёт ходимлари учун долзарб йўналишларда ўқув курслари ташкил этишга келишиб олдилар.

Учрашув сўнггида Феруза Эшматова замонавий таълим жараёнлари, соҳа учун бошқарув кадрларини тайёрлашнинг ўзига хос ёндашувларига ижобий баҳо берди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech