Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Назария ва амалиёт уйғунлиги таъминланмоқда

18 Сентябрь 2025, 09:09

35

Замонавий таълимда дуал тизим асосида ўқитишнинг афзаллик жиҳатлари ортиб бормоқда. Бундай ёндашув ёшларни касбга йўналтириш, амалиёт учун малакали кадрлар тайёрлашда юқори самара бермоқда. 

Жорий ўқув йилидан бошлаб ИИВ академиясида ҳам дуал таълим тизими кенг татбиқ қилинди. Ҳозирда кундузги таълим курсантлари назарий билимлар билан бирга, ички ишлар органларида зарур амалий кўникмаларни эгаллаб келишмоқда. Бунда ҳар бир курсантга тажрибали мураббий бириктирилгани ва уларнинг ходим ёрдамчиси сифатида амалиёт ўтаётгани таълим самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Ўқув даргоҳи бошлиғи Рустам Хатамов янги тизим имкониятлари билан танишиш мақсадида Миробод тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасида бўлди. Масъуллар билан мулоқот жараёнида дуал таълимнинг ўзига хос хусусиятлари, курсантлар учун яратилган шароитлар, уларнинг кундалик фаолиятини самарали ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

“Дуал тизимда кадрлар тайёрлаш масаласига Президентимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу пайтгача курсантларимиз базавий амалиёт машғулотлари орқали зарур кўникмаларни эгаллаб келаётган эди. Бу йилдан янги тизимни кенг жорий қилиб, назария ва амалиёт уйғунлиги имкониятларини янада кенгайтирдик”, – деди академия бошлиғи.

Мулоқот чоғида амалиёт мураббийларига тавсиялар берилди. Бугун таълим олаётган ёшлар эртанги тайёр мутахассис эканлиги, ҳар бир ходим устоз-шогирдлик асосида ўзининг бой тажрибасини курсантларга ўргатиб бориши, ёшлар тақдирига масъулият ва жавобгарлик ҳисси билан ёндашиши лозимлиги таъкидланди.

Шундан сўнг академия бошлиғи “Олтинкўл” маҳалласига бориб, “маҳалла еттилиги” фаолиятини ўрганди. Фуқаролар йиғини вакиллари билан суҳбатлашиб, аҳоли билан манзилли ишлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

“Юртимиздаги ҳар бир маҳалла ислоҳотлар марказига айланиб бормоқда. Сизларнинг ҳамжиҳатликдаги фаолиятингиз натижасини, аввало, шу ердаги юртдошларимиз сезиши керак. Ободлик ҳукм сурган, жиноят содир бўлмаган маҳаллада одамлар осуда турмуш кечиради. Шу боис, маҳалланинг криминоген вазиятини яхшилаш ҳамиша устувор вазифамиз бўлиб қолади”, – деди академия бошлиғи.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech