Қорақалпоғистон Республикаси туманларида “маҳалла еттилиги” тизими вакиллари учун сайёр машғулотлар ўтказилди.
Машғулотларга 2024 йил якунлари бўйича “яшил” тоифага киритилган 174 та маҳалладан “еттилик тизими” вакиллари, шу жумладан, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, хотин-қизлар фаоллари, профилактика инспекторлари, ижтимоий ходимлар ҳамда солиқ инспекторлари жалб қилинди.
ИИВ академияси профессор-ўқитувчилари томонидан давлатимиз раҳбарининг “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллаларда ижтимоий профилактика тизими самарадорлигини ошириш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилди.
Интерфаол тарзда ўтган машғулотлар давомида соҳа ходимлари “маҳалла еттилиги” ишини самарали ташкил қилиш, ҳудудларда жиноятчиликни жиловлаш, криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омилларни аниқлаш ва бартараф этиш, ижтимоий профилактика тадбирларини самарали ташкил этиш юзасидан зарур билим ва кўникмаларга эга бўлди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати