21 апрель куни кўҳна ва боқий Самарқанд яна бир нуфузли анжуман – Наркотаҳдидларга қарши курашиш бўйича ёшлар саммитига мезбонлик қилди.
Президент Администрацияси ҳузуридаги наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда БМТнинг наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда юртимиз билан бир қаторда, Марказий Осиё давлатлари ёшлари қатнашди.
Саммит очилишида илк бор ўтказилаётган мазкур тадбир минтақа ёшлари орасида гиёҳвандлик воситалари ҳамда психотроп моддалар тарқалишининг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, наркожиноятларга қарши муросасиз курашни давом эттиришга қаратилгани таъкидланди.
Саммитда минтақа давлатлари ёшлари ўз лойиҳалари юзасидан фикр алмашиб, ўсиб келаётган минтақа ёшларининг бу иллатдан ҳимоя қилишнинг янги, самарали усулларини амалиётга жорий қилиш масалаларини муҳокама қилди. Якунда Марказий Осиё ёшлари томонидан минтақа давлатларининг соҳага оид фаолият олиб бораётган расмийларига “Ёшлар мурожаати” қабул қилинди.
Айтиш жоизки, саммитда ИИВ академияси ёш ходимлари ва курсантлари ҳам қатнашиб, бугунги куннинг глобал масаласига айланган гиёҳвандликка қарши курашишда фаол ҳамкорлик қилиш йўлида бирлашдилар. Айниқса таълим муассасаси учун ажратилган павильонларда ташкил қилинган кўргазма юртимиз ёшлари ва меҳмонлари учун илғор ёндашувлар билан танишиш имконини яратди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати