1–4 декабрь кунлари ИИВ Академиясида вазирлик академик лицейлари ҳамда Нукус “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лицейи ўқувчилари ўртасида минифутбол турнирининг якуний босқичи ўтказилди. Ички ишлар органларида “Касбий тайёргарлик ойлиги” доирасида ўтказилган турнирда саралаш босқичидан муваффақиятли ўтган олтита жамоа куч синашди.
Тақвимга кўра, “А” гуруҳидан Наманган, Сирдарё, Навоий вилоятлари, “Б” гуруҳидан эса Қашқадарё, Бухоро ҳамда Фарғона вилоятлари вакиллари жой олди. Мухлислар тўрт кун давомида муросасиз баҳсларга бой, қизиқарли учрашувлар гувоҳи бўлишди. Ниҳоят, турнирнинг ҳал қилувчи финал босқичида Фарғона ҳамда Наманган академик лицейлари ўқувчилари майдонга тушди. Тенг курашлар остида ўтган ўйин наманганлик ўқувчи ёшларнинг 4:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Учинчи ўрин учун кечган учрашувда Бухоро академик лицейи ўқувчилари навоийлик тенгқурларини пенальтилар сериясида 3:2 ҳисоби билан мағлуб этишнинг уддасидан чиқишди.
Тақдирлаш маросимида Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Азиз Икрамов, ИИВ Академияси бошлиғи, полковник Рустам Ҳатамов сўзга чиқиб, муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш, ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол вояга етказиш, халқаро спорт майдонларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчиларни тарбиялаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ишларни эътироф этишди. Ёшларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқаришга қаратилаётган доимий эътибор ўзининг юксак самараларини бераётгани таъкидланди.
Шундан сўнг фахрли ўринларни эгаллаган жамоаларга кубог ва қимматбаҳо совғалар кўтаринки кайфиятда топширилди. Турнирдаги муносиб иштироки учун Фарғона академик лицейи ўқувчиси Самандар Остонақулов “Энг яхши ўйинчи”, Бухоро академик лицейи ўқувчиси Русланбек Раупов “Энг яхши ҳужумчи”, Навоий академик лицейи ўқувчиси Санжар Алимуҳаммедов “Энг яхши ҳимоячи” ва Наманган академик лицейи ўқувчиси Адҳам Ғуломов “Энг яхши дарвозабон” учун аталган совринни қўлга киритдилар.
Умид ДЎСТМУРОДОВ,
подполковник.