Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Мутахассислар хориж тажрибасини ўрганди

6 Октябр 2026, 21:30

81

Ички ишлар вазирлиги ҳамда академия вакиллари полиция тизимидаги илғор тажрибаларни ўрганиш мақсадида Швециянинг Стокгольм шаҳрида бўлди.

Хориж сафари давомида маҳаллий мутахассислар томонидан сохта ҳужжатларни аниқлаш ва у билан боғлиқ жиноятларни фош этиш йўналишида ўқув курси ташкил этилди.

Машғулотлар жараёнида шахсни тасдиқловчи ҳужжат (паспорт, ID-карта ва бошқа)ларнинг асосий ҳимоя элементлари, уларни текшириш, замонавий криминалистик ёндашувларни қўллаган ҳолда қалбакилигини аниқлаш, зарур хавфсизлик чораларини кўриш, бу борада Швеция полиция тизимига жорий қилинган ёндашувлар ўрганилди.

Шунингдек вакилларимиз ҳимояланган ҳужжатларни тайёрлаш технологиялари, босма ва рақамли персонализация усуллари, электрон чип, голограмма, микроматн, ультрабинафша ва инфрақизил ҳимоя белгилари ҳамда бошқа идентификацион элементларнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида зарур билимларга эга бўлдилар.

Амалий машғулотларда ҳужжатларни халқаро маълумотлар базалари ва эталон намуналар асосида текшириш, бошқа шахсга тегишли ҳақиқий ҳужжатдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш, ҳужжатдаги фотосурат ва идентификацион белгиларни ундан фойдаланаётган шахснинг ташқи қиёфаси билан қиёслаш, ҳужжатларни сохталаштириш аломатларини фош этиш бўйича кўникмалар мустаҳкамланди.

Беш кунлик ўқув курси якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech